2017 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) ратификация қилинган конвенциялари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, ушбу соҳада ахборот-тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича қатор тадбирлар назарда тутилган.
Сенаторлар, бир қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, халқаро ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар, ёшлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида ушбу мавзу муҳокамалар марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу жиҳатлар Конституциямизда, қонун ҳужжатларида ўз аксини топганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Мазкур ташкилотнинг 14 та конвенцияси, жумладан, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенцияларини ратификация қилган. Ҳозирги вақтда фуқароларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор чора-тадбирларни назарда тутувчи 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга муҳим аҳамият қаратилмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда болалар ва мажбурий меҳнатга қарши таъсирчан чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этаётгани, айниқса, самарали кечмоқда.
Халқаро пресс-клуб сессиясида мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймасликда қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бу борада мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, хусусан, пахта ҳосилини машинада териш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўтказишда бозор механизмларини, инновациялар ва фан ютуқларини, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш долзарб саналади.
Мазкур йўналишда амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Жумладан, тежамкор ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини ўзлаштириш, мавсумий ишга жалб қилишнинг самарали усулларини жорий этиш, ишсизлар бандлигини таъминлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш каби чора-тадбирлар янада такомиллаштирилмоқда.
Тадбирда Жаҳон банки мутахассислари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни, янги иш ўринлари яратиш каби ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканини қайд этди. Фермерлар ишчи-ходимларни рағбатлантириш, уларга муносиб шароитлар яратишдан бирдек манфаатдорлигини билдирди. Спикерлар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.