Яқинда “Kun.uz” сайтида журналист Шерали Мамадецоевнинг “Бажариб бўлмас топшириқ”ми ёхуд қонун ижодкорларига айтар сўзим бор” номли мақоласи биз экспертларни хурсанд қилди. Демак,  оддий фуқароларимиз қонунчиликдаги ўзгаришларга, энг асосийси, жараёнларга беэътибор, бефарқ эмас. Аммо мақолани чоп этишда бир оз шошқолоқликка йўл қўйилганини таъкидлаш жоиз.

Мақолада билдирилган фикрлар амалда ҳам шундаймикин?!

Қуйида қонун ижодкорлари томонидан қилинган баъзи бир ишларни ҳавола этамиз. Шоят журналист ҳақмиди ё йўқми, депутатлар ишлаяптими ё йўқми?.. деган саволга жавоб топилса.

 Маълумот ўрнида айтиш лозим,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан, яқин бир неча йилдан буён “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан етарлича амалий ишлар қилинди.

 Маълумки, жамоатчилик назорати фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан оғишмай риоя этилишини, улар олдида турган вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шунинг учун ўз олдига кучли фуқаролик жамияти шакллантиришни асосий мақсад қилиб олган мамлакатимизда, жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
2-моддасида “давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб белгилаб қўйилган.

Бош Қомусимизда бундай нормаларнинг мустаҳкамланганлиги, ўз навбатида давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қодир бўлган турли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди.

Юқорида қайд этилган конституциявий қоидалар 100дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топди.

Шунингдек, жамоатчилик назорати институтининг изчил ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этадиган бошқа қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатлар давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш, бундай назоратни самарали амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга қаратилган.

Шундай қилиб, мамлакатимизда жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, у тизимли равишда ривожланиб бормоқда.

Шу билан бирга, миллий давлатчилик ҳамда жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнининг босқичма-босқич ривожланиб бориши самараси ўлароқ фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бормоқда. Бу эса жамоатчилик назорати бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, уни энг юқори поғона, яъни конституция даражасида мустаҳкамлашни талаб этади.

Шунга мувофиқ, 2014 йилда Бош қомусимизнинг 32-моддасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ юртимизда жамоатчилик назорати конституциявий мақомга эга бўлди.

Таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун таркибида парламент аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва уларнинг уюшмалари вакиллари ҳамда бошқа экспертлардан иборат бўлган Ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи томонидан Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун 100дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинди, жамоатчилик назоратига оид хориж тажрибаси, олимлар ва мутахассисларнинг қарашлари ҳамда соҳада олиб борилган илмий ишлар ўрганиб чиқилди.

Мазкур ҳар бир ўрганишлар натижаси бўйича алоҳида таҳлилий материаллар тайёрланди.

Қонун лойиҳасига бағишланган 30га яқин тадбирлар (конференция, семинар, “давра суҳбатлари” ва бошқалар) ташкил этилди.

 Қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Унга бағишлаб медиа ва босма маҳсулотлар тайёрланди ва ОАВ орқали тарқатилди. Масалан, жорий йилнинг 16 июнь куни “Тараққиёт марказида” Қонун лойиҳаси қатор нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Қолаверса, Қонун лойиҳасининг Интернет муҳокамаси ҳам ташкил этилди. Масалан, Қонун лойиҳаси www.strategy.gov.uz ва бошқа сайтларда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси юзасидан 150 га яқин таклифлар келиб тушди. Келиб тушган таклифлар асосида Қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилди.

Жорий йилнинг 15 август куни бир қатор депутатлар ташаббуси билан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Мазкур Қонун лойиҳаси парламентга киритилгандан сўнг ҳам унинг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган кўплаб табирлар ўтказилмоқда. Масалан, биргина жорий йилнинг 9 сентябрь куни Андижон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида Қонун лойиҳасига бағишлаб “давра суҳбатлари” ўтказилди.

Кўриниб турганидек, мақола эълон қилинишидан анча аввал депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳаси парламентга киритилган. Бугунги кунда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишга киритиш учун тайёрланмоқда. Биз фуқароларимиз, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларидан ёки бу борада қизиқиш билдирган ҳар қандай ташкилот, идора вакилларидан қонун лойиҳаси юзасидан аниқ таклифларни кутиб қоламиз.

 

Отабек Иззатиллаев

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ижрочи директори

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди