Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

Жамоатчилик назорати тўғрисида

 

 

Қонунчилик палатаси томонидан _________________

қабул қилинган

  

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини (бундан буён матнда жамоатчилик назорати деб юритилади) амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ҳуқуқларининг амалга оширилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қонун ҳужжатларида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкин.   

Референдумларга, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, суд жараёни, жазоларни ижро этиш соҳаларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.     

 

3-модда. Жамоатчилик назорати субъектлари

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир.

Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жамоатчилик назоратини ўтказишнинг бошқа ташкилий шакллари томонидан амалга оширилиши мумкин.

 

4-модда. Жамоатчилик назоратининг объекти

 

Давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларнинг ва улар мансабдор шахсларининг:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек давлат, тармоқ ва минтақавий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш бўйича;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлаш бўйича;

ўз зиммасига юклатилган социал ва ижтимоий манфаатларга дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш бўйича;

самарали ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича;

ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш бўйича фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир.

 

5-модда. Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари

 

Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишнинг ихтиёрийлиги;

жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги;

жамоатчилик назорати субъектлари фаолиятининг қонунийлиги;

жамоатчилик назорати субъектларининг холислиги ва беғаразлиги, жамоатчилик назорати натижаларининг ишончлилиги;

жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари фаолиятига асоссиз аралашувига ва мазкур органларга ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатишига йўл қўйиб бўлмаслиги.

 

6-модда. Жамоатчилик назоратининг шакллари

 

Жамоатчилик назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;

давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

жамоатчилик муҳокамаси;

жамоатчилик эшитуви;

жамоатчилик мониторинги;

жамоатчилик экспертизаси;

жамоатчилик фикрини ўрганиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш.

Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

7-модда. Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар

 

Жамоатчилик назорати субъектлари давлат органларига аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилишга, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга сўровлар юборишга ҳақлидир.

Жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари ва сўровлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органлари томонидан кўриб чиқилади.

Жамоатчилик назорати субъектларининг ахборотга бўлган ҳуқуқи, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда шахсий маълумотларга ёхуд давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган тақдирда, чекланиши мумкин.

 

8-модда. Давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш

 

Жамоатчилик назорати субъектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ўзларининг очиқ ҳайъат мажлисларида жамоатчилик назорати субъектларининг иштирок этиши учун белгиланган тартибда шароитлар яратади.

 

9-модда. Жамоатчилик муҳокамаси

 

Ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, давлат органларининг бошқа қарорларини оммавий муҳокама қилиш жамоатчилик муҳокамасидир.  

Жамоатчилик муҳокамасини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўтказиши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамаси турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан муҳокама этилаётган масала ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг иштирокида ўтказилиши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамаси оммавий ва очиқ ўтказилади. Жамоатчилик муҳокамасининг иштирокчилари жамоатчилик муҳокамасига киритилган масалалар юзасидан ўз фикрини эркин билдириши ва таклифлар киритиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси оммавий ахборот воситалари орқали ҳам ўтказилиши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамасининг ташкилотчиси жамоатчилик муҳокамасига киритилаётган масалалар, муҳокамани ўтказиш муддати, тартиби ва унинг натижаларини аниқлаш тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади. Бунда ташкилотчи жамоатчилик муҳокамасининг барча иштирокчиларига жамоатчилик муҳокамасига киритилаётган масалаларга тааллуқли бўлган ўз ихтиёридаги мавжуд материаллардан эркин фойдаланишни таъминлайди.

   

10-модда. Жамоатчилик эшитуви

 

Давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли бўлган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитувидир.

Жамоатчилик эшитувини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўтказиши мумкин.

Жамоатчилик эшитуви турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан муҳокама этилаётган масала ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг иштирокида ўтказилиши мумкин.

Жамоатчилик эшитуви оммавий ва очиқ ўтказилади. Жамоатчилик эшитувининг иштирокчилари жамоатчилик эшитувига киритилган масалалар юзасидан ўз фикрини эркин билдириши ва таклифлар киритиши мумкин.

Жамоатчилик эшитувининг ташкилотчиси жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалалар, эшитувни ўтказиш муддати, тартиби ва унинг натижаларини аниқлаш тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади. Бунда ташкилотчи жамоатчилик эшитувининг барча иштирокчиларига жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалаларга тааллуқли бўлган ўз ихтиёридаги мавжуд материаллардан эркин фойдаланишни таъминлайди.

11-модда. Жамоатчилик мониторинги

 

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик манфаатини ифода этувчи ахборотни йиғиш, умумлаштириш, тизимлаштириш ва таҳлил этишни ўз ичига олган кузатув жамоатчилик мониторингидир.   

Жамоатчилик мониторингини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик назоратининг бошқа субъектлари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ўтказиши мумкин.  

Жамоатчилик мониторинги оммавий ва очиқ, шу жумладан ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Жамоатчилик мониторингининг ташкилотчиси жамоатчилик мониторингининг объекти, уни ўтказиш муддати, тартиби ва унинг натижаларини аниқлаш тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади. 

 

12-модда. Жамоатчилик экспертизаси

 

Жамоатчилик экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига қанчалик мувофиқлигини аниқлаш мақсадида уларни ўрганиш ва баҳолашдан иборатдир.  

Жамоатчилик экспертизасини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари  қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ўтказиши мумкин. 

 

13-модда. Жамоатчилик фикрини ўрганиш

 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш турли ижтимоий гуруҳларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги фикрини баҳолаш мақсадида ахборот йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш ва таҳлил этишдан иборатдир.

Жамоатчилик фикрини ўрганишни нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиши мумкин.

 

14-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари   томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг,   бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг            ҳисоботларини эшитиш

 

Шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғини қонун ҳужжатларига мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини;

ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг, таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар раҳбарларининг ҳисоботларини;

тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитади.

 

15-модда. Жамоатчилик назорати субъектларининг  ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

Жамоатчилик назорати субъектлари:

жамоатчилик назоратини амалга ошираётганда тадбирлар ўтказиш юзасидан ташаббус кўрсатишга, уларни ташкил этишга, шунингдек уларда иштирок этишга;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органларидан сўраб олишга;

жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра таклифлар ва тавсиялар тайёрлашга ҳамда уларни тегишли давлат органларининг кўриб чиқиши учун юборишга;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда ушбу материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга;

давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилишга;

жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақлидир.

Жамоатчилик назорати субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Жамоатчилик назорати субъектлари:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

давлат органларининг фаолияти билан боғлиқ қонунларда белгиланган чекловларга риоя этиши;

давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат органларининг ишлаши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг фаолияти учун тўсиқлар яратмаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида олинган ахборотларнинг тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан чекланган бўлса, уларнинг махфийлигига риоя этиши шарт.

Жамоатчилик назорати субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.   

 

16-модда. Давлат органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 

 

Давлат органлари:

жамоатчилик назорати субъектларидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тўғрисида ва унинг натижалари ҳақида ахборот олишга;

жамоатчилик назорати натижаларига кўра тайёрланган якуний ҳужжатларда акс эттирилган таклиф ва тавсияларга нисбатан асослантирилган эътирозларини жамоатчилик назорати субъектларига йўллашга;

ўзи томонидан амалга оширилаётган фаолият устидан жамоатчилик назорати масалалари юзасидан ахборотни ўз расмий веб-сайтларида, шунингдек оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришга;

жамоатчилик назоратини ўтказиш юзасидан ташаббус кўрсатишга ҳақлидирлар.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари:

жамоатчилик назорати субъектларига жамоатчилик манфаатини ифода этувчи ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этиши;

ўзига жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган мурожаатлар ва сўровларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиши, мурожаатларга ва сўралаётган ахборотга жавоблар тақдим этиши, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар ёхуд топширилиши жамоат тартибига ва фуқароларнинг соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган маълумотлар мустасно;

жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган таклифлар ва тавсияларни, шунингдек якунловчи ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқиши шарт.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

17-модда. Жамоатчилик назоратининг натижалари

 

Жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса, маълумотно шаклида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда якуний ҳужжат тайёрланиши мумкин.

Якуний ҳужжат ахборот ёки тавсия хусусиятига эга бўлади.

Якуний ҳужжатда баён этилган ахборотлар, тавсиялар ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан асосланган ва қонуний қарорлар қабул қилинади.

 

18-модда. Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

19-модда. Ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга  етказилишини, моҳияти ва аҳамияти  тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.

 

20-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу  Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши 

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Президенти      

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди