Президент аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Эзгу мақсад» фондини тузиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фондини ташкил этилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 июль куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.
Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, аввало, бемор ва ногирон болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишни таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни эрта аниқлаш, уларни профилактика қилиш ва даволаш, ногиронликни реабилитация қилиш ва олдини олиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш бўйича самарали ишларни ташкил этишга кўмаклашиш;
- етим болалар ва ота-она карамоғидаи маҳрум бўлган ёки хавфли гуруҳга кирадиган болалар, «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбияланувчиларига ёрдам беришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли генофондини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
- халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш, Ўзбекистоннинг юридик ва жисмоний шахслари, хорижий фуқаролар ва ташкилотлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол ишларни амалга ошириш.
Фондга унинг хайрия дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг фуқаролик бурчи ҳисобланади, дейилади қарорда.
Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Фонд хайрия дастурлари иштирокчилари бўлган шахсларга имтиёзлар бериш белгиланган.