Давлат дастури: қонун ижодкорлиги жараёнида ННТлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилади

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ННТларнинг роли ва ўрни” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда онлайн ва офлайн шаклда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.

Таъкидландики, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”давлат дастурида “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу йилги давлат дастурининг ҳар бир бандида устувор вазифалар билан бир қаторда унинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъул ижрочилар, керак ҳолларда манбаалари ҳам аниқ белгилаб берилди.

—Далват дастури лойиҳасига нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 400дан ортиқ таклифлар киритилди, - дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси К.Ишанходжаев. —Таклифлар инобатга олиниб, давлат дастурининг бир нечта бандларида нодавлат нотижорат ташкилотларига алоҳида вазифалар белгиланди. Бу ННТлар учун катта масъулият, шу билан бирга ишонч демакдир.

Давлат дастурининг “Профессионал ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш” бўйич 22-мақсадида ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кундузги қатнов, транспорт хизмати, бошпана (шелтер) ва бошқа уйда кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни нодавлат ташкилотлар орқали кўрсатиш вазифаси белгиланди. Шундан келиб чиқиб, 2024 йилнинг ноябрь ойида  Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллигида Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматларни кўрсатиш лойиҳаси йўлга қўйилади.

Давлат дастурининг 23-мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни яратиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш вазифаси ҳам белгиланди. Бу жараёнда 2024 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъуллигида ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозорида иштирокини таҳлил қилиш асосида уларнинг бандлигини таъминлашга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш учун ижтимоий буюртма лойиҳалари амалга оширилади.

Яна бир муҳим жиҳат, давлат дастурида норма ижодкорлиги фаолиятининг ислоҳотлар билан уйғунлигини таъминлаш ва давлат ҳуқуқий сиёсатининг институционал асосларини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки белгилаб берилди.

Бунда қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишнинг янгича тартиби  жорий этилади. Яъни ҳар бир қўмитада тегишли соҳа бўйича қонунларни кўриб чиқишда қўмита билан ҳамкорлик қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхати юритилади. Қолаверса, қўмитага келиб тушган қонунларни тегишли нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам кўриб чиқиш ва таклиф бериш учун юборилади ҳамда қонун лойиҳаси бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг фикрини қўмита, фракция ва палата мажлисларида муҳокама этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонида ННТларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ролини оширишга қаратилган грант дастурлари ва ижтимоий буюртмаларни эълон қилиб бориш вазифаси ҳам белгилаб берилгани, бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини ошириш, улар ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш масалалари хусусида фикрлар билдирилди.

Тадбир якунида давлат дастуридаги вазифалар ижроси юзасидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ишларини олиб бориш ва бу борада давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар билан яқин ҳамкорлик қилиш масалалари келишиб олинди.